Suratdagi hayot
Йўлга чиқишдан аввал манзили нақадар олис эканини биларди. Гарчи тўхташга ҳақи бўлмаса-да, ҳисобидаги вақтдан бир неча дақиқасини ўғирлаб, ортига назар ташлади: «Воажаб, тор йўлакнинг у босиб ўтган қисми гўё ортидан кимдур супуриб келаётгандек изсиз». Одамлардан бири энг чеккада турган суратга шундай таъриф берди.
Рассомлар хиёбони дея ном олган бу кўча ўн йил олдин оддий дарахтзор бўлган. Ҳафтанинг якшанба кунлари ёшу қари бирдек келиб дам оладиган маконга айланганди. Бироқ ҳозир бармоқ билан санагулик қолган дарахтларнинг бирига суяб қўйилган бу расм, аслида, тўрт ой аввал чизилган. Ўша кундан бери қанчадан-қанча янги суратлар оқ қоғозга тушиши билан сотилиб кетди. Ҳар куни эрталабки соат тўққиздан кечки тўққизга қадар сурат бир ерда туради. Негадир рассом ҳам бирон марта жойини ўзгартириб қўйиш ҳақида ўйламади. Балки, юрагида чин дилдан уни ўзи билан олиб қолиш ҳисси бордир. Лекин унга пул керак. У ҳар тонг устахонасини тарк этар экан, кеча сотилмай қолган ва туни билан чизган янги расмларини хиёбонга олиб чиқар, куни бўйи суратини чиздиришни истаганларга хизмат қиларди.
Одмироқ кийинган бир эркак бояги суратни синчковлик билан кузатди. Чамаси ярим соат таҳлилига бош қотирди. Ўзи билан ўзи овора бўлиб, атрофига тумонот одам йиғилганини ҳам сезмай қолди. Улар ҳам ўзларича нималардир деб баҳслаша кетишди:
— Қаранглар, сурат остида яна бир кичик тасвир бор экан, — деди уларнинг бири.
Энди ҳамма айнан ўша томонга нигоҳини қаратди. Тортишув яна ҳам авж олди. Хиёбондаги бошқа рассомлар ҳам ишларини чала ташлаб, эътиборларини расмга қаратишди.
Мусаввирларнинг бири:
— Бу қаршимиздаги тасвирнинг кичрайтирилган шакли-ку, — деди бармоқларини ранглар устидан юргизар экан. — Аммо ҳақиқий санъат асари.
Унинг овозидан таажжубга тушгани сезилди. Шу баҳс устида икки йигит ёқама-ёқа бўлиб кетишгача борди. Уларни кузатиб турган рассом бўлса: «Одамлар бунчалар ўзларининг ҳақ эканини исботлашга уринмаса?! Ахир бу шунчаки оддий сурат», дея ишини давом эттираверди. У ҳатто жойидан ҳам қимирламади. Вақт ўтиб одамлар секин-аста тарқай бошлади. Ажабланарлиси, мутлақо ҳеч ким унинг нархи билан қизиқмади. Энг охири ўша биринчи келган, одмироқ кийинган эркак қолди.
— Наҳот эгасиз буюмлар ҳам бўлса? — деди у чор-атрофга назар ташларкан.
— Дадамники. Уни дадам чизган, — деди қип-қизил бурма кўйлак кийиб олган ёшгина қизалоқ.
Эркак ортига ўгирилганда икки юзи худди ранглар палитрасидек бўлиб кетган етти ёшлардаги қизалоққа кўзи тушди.
— Мени унинг ёнига олиб бора оласанми? — сўради қизалоққа яқинроқ келиб.
— Ҳув-в анави одамни кўряпсизми? — деди қизча аёл суратини чизаётган рассомга ишора қилиб. — Юринг!
Қизча жажжи қўллари билан эркакнинг илкидан маҳкам ушлаганча, ўша томонга тортқилаб кетди. Эркак рассом қаршисига борганда аввал гапни нимадан бошлашни билмай иккиланиб турди. Энди оғиз жуфтлаганда эса:
— Назаримда бояги расмнинг қанча туришини сўрамоқчисиз?! Беш юз минг, мен санъат асаримга шунча сўрайман, — деди рассом қаламнинг бирини қўйиб, иккинчисини оларкан. — Агар яна гапингиз бўлса, ишимнинг тугашини кутасиз. Эркак унинг овозидаги кўполликка аҳамият бермасликка ҳаракат қилди. Чунки ижодкор аҳли табиатан инжиқ бўлади, деб ҳисобларди. Бироқ ортиқ кута олмасди. Чунки рассом қаршисидаги аёл суратини чизишни энди бошлаганди. Эркак бир дарахтга тираб қўйилган расмга, бир диққатини бузмай ишлаётгай рассомга қараб қўярди. Бугун, барибир, ҳеч иложи бўлмаса керак, деб хаёлидан ўтказди. Уйига қайтишдан аввал ортига яна бир қадам ташлади-ю:
— Йўқ, агар ҳозир кутадиган бўлсам, кеч қоламан, — деди ва катта-катта қадам ташлаб кетди.
Шу кеча эркак учун тонгнинг отиши жуда қийин бўлди. Қуёш чиқмай туриб хиёбонга бориб, рассом йигитни кутди. Бироқ бугун интиқиб кутилган учрашув рўй бермади.
У эртасига ҳам тонгдан рассом билан қизини хиёбонда кута бошлади.
— Дада, мана бу ерга туширайлик. Шунда мен ҳам ёнингизда ўтириб расм чизишим учун жой бўлади, — дея қизалоқ хийла нарироқдаги машинадан суратларни тушираётган отасини чақирди.
Эркак йигитнинг ёнига шошганча унга расмларни туширишга қўмаклашди. Бироқ уларнинг ичида ўзи излаган суратга кўзи тушмади. У қўрқиб кетди. Юрагига даҳшатли ваҳима чанг сола бошлади. «Ҳали ҳаммасини тушириб бўлмадик-ку», дея ўзига таскин берди. Бироқ бу таскини узоққа бормади. Суратлар машинадан олиб ерга қўйилгач, эркак уларни бесаранжом тита бошлади.
— Тўхтанг!.. Нима қиляпсиз ўзи? Ёрдам бердингиз, раҳмат, бироқ бу истаган ишингизни қилишингиз мумкин дегани эмас! — деганча рассом эркакнинг қўлини маҳкам ушлаб силтаб ташлади. Йигитнинг кўзларида шундай ифода акс этдики, эркак ўзи билмаган ҳолда тўрт қадам ортга тисарилди. У гўё ўзини йўқотди. Боя суратни топмагани, қолаверса, ҳозирги қўпол муомала эркакни эсанкиратиб қўйганди. Рассом йигит ҳеч нима бўлмагандек, машина эшигини очиб, орқа ўриндиқдан яна иккита суратни олиб ерга қўйди. Эркак қалбида ҳаёт чироғи ўчмаганини, унинг ҳали ҳам липиллаб ёниб турганини ҳис этди. Демак, ҳали умид бор. Энди расмларга яқин йўлай олмасди. Бироқ ўша иккитасини ҳам кўриши керак. «Бир чеккада туриб кузатишдан бошқа иложим йўқ», дея хаёлидан ўтказиб, ўзини панароққа олди. Рассом барча расмларни кўзга тушадиган жойга териб чиқди. Сўнгида боя машина ичидан олган икки сурат қолди.
— Дадажон, уларни қаерга қўясиз? Ахир жой қолмади-ку? — деди бағридаги бўёқ ва қаламларни маҳкамроқ қучиб олган қизалоқ. У отасининг иш қуролларини ерга тушиб кетмасин, деб ҳамиша шундай ушлаб оларди. Чунки айнан мана шулар уйига пул олиб келаётганини биларди.
— Буларни қайтариб жойига солсак ҳам бўлади. Барибир, сотилмайди. Тўрт ойдан бери беҳуда жойни эгаллаб турибди, — йигит шундай дея расмларни яна машинанинг орқа ўриндиғига қўймоқчи бўлиб эшикни очди. Уни кузатиб турган эркак «Йўқ, агар ҳозир қўлидагиларни яна машинага қўядиган бўлса, демак, сотмоқчи эмас, уларнинг қандай сурат эканини кўролмайман», деди ўзига-ўзи ва югуриб бориб йигитнинг қўлига осилди.
— Мен сотиб оламан. Шу икковини менга сотинг, — дея суратларнинг икки чеккасидан маҳкам ушлаб олди. — Мени танияпсизми? Икки кун аввал учрашгандик. Сиз бир аёлнинг суратини чизаётган эдингиз, — эркак қандайдир ёлворувчи кўзлар билан йигитга тикилди. Шу қарашида худди жонини олган одамдан уни бир муддатга бўлса-да, қайтиб олишни сўраётгандек туюлди йигитга.
— Оласизми? Майли, иккови учун бир миллион сўрайман. Ҳозироқ тўлаб, олиб кетишингиз мумкин. Аммо узр, бошқаларга ўхшаб сифатли хизмат кўрсата олмайман, уларни уйингизгача олиб бориб беролмайман, — деди рассом йигит.
Эркак суратларни ихтиёрсиз қўйиб юборди. Сўнг:
— Бир миллион, — дея пичирлади такрор ва такрор. — Тушунмадингиз. Мен фақат биттасини олмоқчиман. Лекин менга кераги қайсиниси эканини билмайман. Агар юзини кўрсам, аниқ танийман ўша суратни!
— Йўқ! Олсангиз икковини ҳам оласиз. Бўлмаса қочинг, мени ишдан қолдиряпсиз, — дея йигит суратларни жойига солиб, машина эшигини ёпди.
Эркак ўзи излаган сурат энди бехавотир жойда эканини кўриб таскин топди. Бироқ ичидаги тинчланган бўрон кўп ўтмай қайта бош кўтарди. Шунча пулни қаердан олади, яна бугун, а? Кимдандир қарз олган тақдирда ҳам қайтариш керак. Эркак шуларни ўйлар экан, нафас олиши оғирлашарди. Йигит ишлаш учун қулайроқ жойни топиб, иш қуролларини жойлаштирди. Қизалоқ ҳам отасининг ёнидан жой олди.
— Дада, мен ҳам бугун сиз чизадиган расмни чизаман, — деди қизалоқ мунчоқдек кўзлари билан беғубор кулиб.
Ота бунга қаршилик билдирмади. Эркак олдида фақат битта йўл қолганди, рассом йигитдан суратни қарзга олиш. Энди ортиқ иккиланиб ўтирмади ва рассом ёнига ошиқди. Ижодкор бўлса бамайлихотир кечаги расмни охирига етказиб қўйиш ниятида иш бошлаганди, мўйқалами ерга тушиб кетди. Эркак уни олиб бераётиб:
— Қарзга беринг ўша суратни, — дея қўлидагини йигитга узатди.
— Мабодо тиланчимасмисиз? Нима, мен сизга саховатпешага ўхшаб кўриняпманми? Тўртта дарахтни чизиб қўйиш одамларга осон кўринади-да, а? — деди яна қўрс оҳангда. У шундай хотиржам ўтириб гапирдики, гўё тўпиғига сув чиқса иши йўқдек. — Ёшингизга қараганда отам тенги инсонсиз. Шунинг учун, илтимос, тирикчилигимнинг белидан болта уриб мени гапга тутманг.
Эркак бунчалик қўпол муомалани кутмаганди. Шу сабаб ҳеч бўлмаса, Аллоҳга илтижоларим етиб борар, деган умид билан ортига қайтди. Ҳозир ўша умид ҳам қум заррасидек бўлиб қолганди. Бироқ кетишдан аввал отаси ёнида қизиқиш билан сурат чизаётган қизалоқнинг бошини силаб:
— Умринг узоқ бўлсин, — деди.
Ўша воқеадан сўнг орадан ўн кун ўтди. Рассом йигит бугун ишга кечроқ чиқди. Дарахт соясини топиб, ўша ерга жойлашди. Аксарият расмларни уйда қолдириб, саноқлиларинигина олиб чиққанди, ҳеч бўлмаганда нон пули чиқар деб. Бу касб билан оила тебратиш анча мушкул эканлигини у яхши биларди, аммо қўлидан бошқа иш ҳам келмасди.
Орадан кунлар ўтаверди. Қанча суратлар сотилиб, ўрнини янгилари эгаллайверди. Бироқ ўша тасвир туширилган расм билан ҳеч ким қизиқмади. Рассом бугун куни билан устахонасида бўлди. Ҳамиша ҳамроҳи, қизалоғи ҳам отаси билан ёнма-ён ўтириб, шу митти жуссаси ила нималардир чизарди. Отанинг қаршисидаги оппоқ қоғоз бугун бўш қолди. У илҳом келган он қаламини қўлига олар, бироқ қандайдир ғалати ҳиссиёт уни қайтиб қўйишга мажбур қиларди. Охири хонада юраги сиқилиб ҳовлига чиқди. Шу атрофда уйига яқинроқ бир анҳор бор, қизига ҳозир келишини айтиб, ўша ерга йўл олди. Умуман, бундан тўрт йил аввал хотини вафотидан сўнг у анчайин қўрс ва қўпол бўлиб қолганди. Ҳеч кимни тингламас, асосан, устахонада ва хиёбонда вақтини ўтказарди.
Анҳорга етмасдан йўл чеккасидаги қабристонга кўзи тушди. Хотини ўша ерга дафн қилинганди. Тўрт йилдан бери эгилиб қолган бошини тик кўтара олмай қабристонга кирди. Анҳор ҳам ёдидан чиқиб, қабр тошлари орасидан оралаб кетди. Рафиқасининг қўйилган жойи қабристоннинг деярли охирида эди. Рассом ичкарида ёши элликлардан ошган эркакни кўргач, бу ерда ёлғиз эмаслигини билди. Унинг ҳаракатларини кузатаркан, қаршисида дўмпайиб турган қабрнинг ҳали янги эканини билиш қийин эмасди. Йигит ихтиёрсиз эркакнинг ёнига борди ва ортидаги ўриндиққа ўтирди. У ҳам қўлидаги икки дона гулни қабр устига қўйгач, йигитнинг ёнига чўкди. Қўлини дуога очиб, фотиҳа ўқиб бўлгач, йигит ундан сўради:
— Бирон қариндошингизми?
— Набирам, — дея жавоб берди эркак.
— Айрилиқ азоби нима эканини яхши биламан, — деди йигит. У устахонадан тўғри йўлга чиққани учун бўёқ теккан қўлларини ҳам ювмаганди. Ўзи ҳали мўйқалам ишлатишга улгурмаган бўлса-да, қизига бўёқлардан қандай фойдаланишни ўргатиб, эрталаб кўйлагига ҳам теккизиб олганди.
— Сариқ ранг, — деди эркак юзини йигитга буриб. — Шу ранг набирамнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин эди.
Рассом уни хиёбонда икки марта кўрганини эслади.
— Кўйлагингизга бўёқ тегибди. Ўша суратда ҳам шу ранг ялт этиб кўзга ташланади. Қанчага сотдингиз уни? — сўради эркак.
Йигит аввал гап нимада эканини тушунмади. Ўйланиб, икки ой аввал мендан қарзга сўраган сурат ҳақида гапираётган бўлса керак, дея хаёлидан ўтказди.
— Ҳа, ўша сурат, — деди эркак гўё йигит буни овоз чиқариб айтгандек. — Шифокорлар тўшакда оғир ётган набирамга қўлларидан келганча ёрдам беришди. Кўнгли тусаганини қилишга ҳаракат қилайлик, шояд тузалиб кетса, бу қизалоқни тирик олиб қолишнинг сўнгги йўли дейишди. Қизимга «Ойи, менга худди болалигимизда биз бирга терган бойчечаклардан териб келинг», деган экан. Ёзнинг чилласида қаердан ҳам топиш мумкин ўша бойчечакларни?! Унга сунъийларини олиб бордик, бироқ истамади. Шифокор икки соатга тоза ҳавога рухсат бергач, набирам билан рассомлар хиёбонига бордик. Сиз тасвирлаган ўша қоронғида олдида йўлдан бўлак ҳеч унсур бўлмаган одам қўлида бир дона бойчечак бор эди.
Рассом эркакни жим туриб эшитди. «— Бобо, менга ўша бойчечакни олиб беринг. Сезяпсизми, ундан кўм-кўк далалар ва болалигим иси келяпти! Фақат мен учун олаётганингизни айтманг», — деди. Мен у истаган ишни қила олмадим. Балки, шундай бўлиши керакдир. Йўқ, мен сизни айблаётганим йўқ. Аллоҳнинг буюргани бўлади.
Рассом карахт аҳволда ўрнидан турди. Юрагига шундай айбдорлик ҳисси тушдики, хотинининг қабрини зиёрат қилишга ўзини нолойиқ сезиб, қабристон дарвозасидан чиқиб кетганини ҳам билмай қолди. Устахонага қайтганида аллақачон қоронғи тушганди. Қизини ўрнига ётқизиб, расм чизишга боши билан шўнғиди. Туни билан устахона чироғи ўчмади.
Ниҳоят, зулмат чекиниб тонг отди. Қизалоқ дадасининг янги суратини кўришга шунчалар қизиққанидан юзини ҳам ювмай устахонага ошиқди. Бироқ эшикни очганида, хонада на отаси ва на биронта сурат бор эди. Қизча хона бурчагида кеча отаси билан олган янги бўёқларнинг тўкилиб ётганини кўриб, қўрқиб кетди. Чунки у умуман бошқача таассурот билан пастга югурганди. Отасини излаб бутун уйни айланди. Сўнг бугун якшанба экани, хиёбонга казо-казолар келиши ёдига тушиб, уларни машинага ортаётган бўлса керак, деб ўйлади. Аммо бари битта машинага сиғмаслигини ҳам яхши биларди. У отасини излаб ташқарига чиққанида ҳовлининг ўртасида гуриллаб ёнган пуллару суратлар бир ҳовуч кулга айланиб бўлганди.
Mualif: →♣°☆ Qลlbi Tozล Bolล ☆°♣←
Yozilgan vaqti: 3 May 2018 в 19:35
Hikoyalar | Ibratli xikoyalar
Orqaga qaytish