Ayolning qirq joni
______АЁЛНИНГ ҚИРҚ ЖОНИ..!______
___У болалигидан шу гапни эшитиб улғайди: “Аёлнинг қирқта жони бор, биттаси тамом бўлса, қолгани билан яшайди...” Онаси ҳам, опалари ҳам шу гапга амал қилишарди. Тонг саҳардан туриб сигир соққан, хамир қориб, нон ёпган, ҳовлию кўчани супуриб – сидирган, болаларнинг уст-бошини ювган, меҳмон кутган, эрнинг иддаоларию, қайнонанинг зуғумларини кўтарган, ҳар йилига туғаверган... Онаси шундай яшади, опалари ҳам худди шу тарзда умр кечиришди. У ҳам онасию, сингилларидан ўзгача яшай олмасди. Шундай яшашга мажбур эди, тўғрироғи, мажбур қилишарди. Эсида, еттинчими, саккизинчи синфда ўқиб юрган кезлари эди. Отаси бир машина ўтин келтирди. Уйда ундан бошқа ҳеч ким йўқ эди, акалари ўт ўргани кетишган. “Кечгача ўтинни ташиб, бостириб қўй” деб тайинлаб кетди отаси. У қуёш ботгунча ўтин ташиди. Қўл-оёғи оғриб, чарчаб қолсада, ташийверди. Кечқурун белида қаттиқ оғриқ туриб, вой-войлаб қолди.
- Нима бўлди? – сўради онаси. 
- Белим... зирқираб оғрияпти, - инқиллади қиз. 
- Жим бўл, овозингни биров эшитмасин, - атрофга аланглади она бу гапларни биров эшитиб қолмадимикан дегандек. – Қиз бола белим оғрияпти, демаслиги керак, уят бўлади. Бир ухлаб турсанг, ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетасан. Аёлнинг жони қирқта, биттаси тугаса, қолганини ишлатаверади...
Онаси айтганидай, ухлаб тургандан кейин оғриқ пасайгандек бўлди, аммо асорати қолди барибир. Йиллар ўтди. У ҳам тенгқурлари қатори ойдай қиз бўлиб вояга етди, уни кўз остига олганлар кўп бўлди. Тақдир экан, қишлоқдаги йигитлардан бирига узатишди. Тўйнинг эртасигаёқ қайнона эшикдан бош суқди:
- Келинпошша, тўйдан кейин кир тўпланиб қолибди, ювиб ташланг. 
“Хўп” деди у овози ўзига ҳам эшитилмай. Аммо ҳайрон қолди, ахир, янги келин, чилла деган гаплар бор. Бир жойда ўқиганди, бу пайтда янги келинчакнинг вужудида ўзгаришлар рўй берармиш, оғир иш бажаришдан сақланиш керакмиш. Ҳеч нарса дея олмай, бир уюм кирни кечгача ювди. Ҳатто тушлик қилишга ҳам вақтини қизғанди. Кечга бориб яна ўша қурғур бел оғриғи қўзғади. Куёвбола эркаламоқ учун сочларига қўл чўзганида келинчак унинг қўлларидан ўзини бўшатди. 
- Бирам белим оғрияптики...
- Ээ, намунча нозик –ниҳол бўлмасанг, бир кир ювганингга шунчами? Ҳеч нима қилмайди, ўтиб кетади, аёлнинг жони қирқта. Биттаси тугаса, қолганини ишлатади...
Келинчак жим қолди. Нима ҳам десин? 
Бир йилдан кейин хонадонда қўчқордай ўғил туғилди. Қишнинг аёзли-қаҳратонли кунлари эмасми, чақалоқ совқотиб қолмаслиги учун уйни иситиш керак. Қолаверса, бир уй одам унга кўз тикиб турибди: бу хонадонда ош-овқат, кир-чирга ундан бошқа ким ҳам қарарди. Боласини ухлатиб қўйиб, ташқарига чиқди. Гупиллаб ёғаётган қор юз-кўзга урилади. На эри, на қайнотаси ўтин ёриб қўйишмаган экан. Келинчак катта болтани олиб, бир амаллаб ўтин ёрди, печкани ёқди. Чарчаганиданми, иссиққина печка олдида ўтириб, кўзи илинибди. Бир пайт тарақлаган овоздан уйғониб кетди. Қайнонаси қовоғини солиб ўтирарди. Келинчак шошиб соатга қаради. Тушлик пайти бўлиб қолибдику! Ўрнидан туриб, ҳовли четидаги совуқ ошхонага кириб, ўчоқ ёқди, овқат бошлади. Бир амаллаб тушлик тайёрлаб, дастурхон ёзди. Дастурхонда битта нон қолган экан. “Кўпчиликмиз, бу нон ҳаммага етмайди. Қўшнидан олиб турамиз, тушликдан кейин хамир қориб ташланг, кечгача нон ёпиб олинг. Қишнинг куни калта, қоронғига қолиб кетасиз...” Келинчак индамайгина бош ирғади. Боя ўтин ёрганида белидаги оғриқ кучайганди, хамир қорса нима бўларкан энди?
Кечки пайт хонадон аъзолари иссиққина нонга сариёғ суртиб маза қилиб ейишаётганида келинчак ўз хонасида инқиллаб ётарди. Бу ёқда чақалоғи биғиллаб йиғлайди. Аёлидан хабар олиш учун кирган эри унинг аҳволини кўриб қўрқиб кетди, онасини чақирди: “Она, келинингизни мазаси йўққа ўхшайди...” Қайнона келинни кўриб, қошлари чимирилди: “Ҳозиргиларнинг жони азиз. Ўлмаган бизнинг жонимиз. Туғиб келиб, дам олиб ётиш нималигини билмабмиз. Бугун туғиб, эртаси куни далага ўт ўришга чиқиб кетардик. Хотинингга бало ҳам ургани йўқ, эркалик қилмоқчи. Аёлнинг жони қирқта, биттаси тугаса, қолгани билан яшайверади... ”
Йиллар шу тариқа ўтаверди. Кетма кет фарзандлар кўришди, аммо бирор марта туғруқдан кейин дам олиб ётмади. Беш фарзандни ўстириш, эрнинг овқатини тайёрлаш, кир ювиш, нон ёпиб, ўтин ташиш, ҳовли чеккасига иккитагина хона солганда эрига қўшилиб лой тепиш, ғишт қўйишдан тортиб қайнона, қайин-бўйинларнинг хизматини қилиш ҳам унинг зиммасида эди. Эрига ҳар замонда “дўхтирга кўринсаммикан, бел қурғур оғрияпти” деса, эшитадигани бир гап бўларди: “Ўлмайсан, аёлнинг жони қирқта...” 
Аёл тишини тишига босиб чидади. Касал бўлишга унинг ҳақи йўқ, ахир, аёлнинг жони қирққа. 
Кутилмаганда ётиб қолди. Қишлоқдаги табибнинг гиёҳлари ҳам ёрдам бермади. Уни вилоят марказидаги шифохонага олиб боришди. Кун сайин аҳволи оғирлашаверди. Шифокорлар эрини чақириб, уйга олиб кетиш кераклигини айтишди: “Жуда кеч олиб келгансизлар, касаллик танани емириб бўлган...”
“Тез ёрдам” машинасида хотинининг бошини тиззасига қўйиб кетаётган эркак кўзлари ич-ичига ботиб кетган аёлга қараб йиғлаб юборди:
- Онаси, кўзингни оч, сен бизга кераксан. Ҳали кўп яшашинг керак, болаларни катта қилиш, уларни уйли-жойли қилиш керак. Кўзингни оч, онаси, ахир, сен аёлсан, аёлнинг жони қирқта...
Ҳаёт шами тобора сўниб бораётган аёл кўзларини базўр очди. Қалтироқ бармоқлари эрининг кучли қўлларидан тутди. Синиқ жилмайди. 
- Дадаси, болаларни сизга, сизни худонинг паноҳига топширдим. Қизларимга бир гапни тайин ва тайин айтинг: ўзларини асрашсин. Айтинг– аёлнинг жони қирққта эмас экан. Унинг ҳам биргина жони бор экан. Шу жонни авайлаб-асраш керак экан. Бўлмаса...
У сўзини тугатолмади. Қирқинчи жони уйига етишга бир неча қадам қолганда тугаб қолганди...
Mualif: Mirzo .
Yozilgan vaqti: 18 Mart 2016 в 12:06
Hikoyalar | Ibratli xikoyalar
Orqaga qaytish